Андижон вилояти Шаҳрихон туманида содир бўлган ушбу воқеада 25 ёшли йигит хорижий давлат ҳарбий ҳаракатларида қатнашгани учун қонун олдида жавоб берди. Жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон туман суди томонидан мазкур фуқаро Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (Ёлланиш) билан айбдор деб топилди ва унга нисбатан 3 йил муддатга умумий тартибли колонияда жазо ўташ ҳукми чиқарилди. Ўзбекистон қонунчилигига кўра, фуқароларнинг хорижий армия таркибида урушда қатнашиши қатъиян тақиқланади.
Суд ҳужжатларига кўра, ушбу йигит илгари Россия Федерациясига ишлаш мақсадида борган, бироқ у ерда гиёҳвандлик моддалари билан боғлиқ жиноят содир этгани учун Россия суди томонидан узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган. Свердловск вилоятидаги ахлоқ тузатиш колониясида жазо ўтаётган вақтида, қамоқхона маъмурияти ва Россия Мудофаа вазирлиги вакиллари томонидан урушга бориш таклиф қилинган. Бош тортган тақдирда жазо камераси (ШИЗО) ва кучли босимларга дуч келган йигит урушда қатнашиш тўғрисида шартнома имзолашга мажбур бўлган. Эвазига унга муддатидан олдин озодлик ва Россия фуқаролиги ваъда қилинган.
Шундан сўнг у Украинанинг босиб олинган ҳудудларидаги жанговар ҳаракатларга юборилган ва жанг майдонида икки бор оғир жароҳат олган. Портлашлар оқибатида унинг чап кўзи бутунлай кўрмай қолган. Ҳарбий госпиталда даволанаётган вақтида у муассасадан қочиб, Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасига бош урган ва ватанга қайтиш сертификати билан Ўзбекистонга қайтариб келинган. Суд мажлисида йигит ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, урушга фақатгина кучли босим ва мажбурлик остида борганини айтиб, пушаймонлигини билдирган.