Донецк вилоятининг Краматорск туманидаги Ясная Поляна қишлоғида дрон ҳужуми оқибатида бир аёл ҳалок бўлди. Учта хусусий уйда ёнғин чиққан. Бу ҳақда Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати хабар берди.
Суми вилоятининг Глухов шаҳрида 14 ноябр куни эрталабги ҳужум оқибатида бир аёл ва унинг 9 ёшли набираси жароҳатланган. Боланинг аҳволи оғир, у реанимацияда. Бу ҳақда вилоят маъмурияти раҳбари Олег Григоров маълум қилди.
Ҳодиса жойига етиб келган полиция ходими ҳам такрорий ҳужум оқибатида жароҳатланган. Маълум қилинишича, 13 ва 14 ноябр кунлари Суми вилоятидаги ҳужумларда жами олти киши жароҳат олган.
Харков вилоятида эса сўнгги бир сутка давомида еттита аҳоли пункти ҳужумга учраган. Оқибатда бир киши ҳалок бўлган, икки киши жароҳатланган.
Днепропетровск вилоятида ҳам ҳужумлар оқибатида икки киши жароҳат олган, кўп қаватли уйларга зарар етган.