БМТ Украинада тинч аҳоли ҳалокати ва яраланганлар сони йилига қараб кескин кўпайиб бораётганидан жиддий ташвиш билдирмоқда. Ташкилот ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилнинг январ–октябр ойларида қайд этилган қурбонлар сони 2024 йилдагидан ҳам ошиб кетди.
Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Хавфсизлик Кенгаши мажлисида БМТ бош котиби ўринбосари девонининг Европа бўлими раҳбари Кайоко Гото вазиятнинг тобора оғирлашиб бораётганини таъкидлади.
“Кенг кўламли ҳаво зарбалари оқибатида тинч аҳоли асосий юкни кўтармоқда. 2025 йилнинг дастлабки ўн ойидаги қурбонлар сони аллақачон ўтган йилги кўрсаткичдан ошди”, — деди Гото.
OHCHR маълумотларига кўра, 2022 йил февралидан буён Украинарда 14 534 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, уларнинг 745 нафари болалар. Яраланганлар сони эса 3872 нафардан ортиқ.
БМТ вакилларининг таъкидлашича, можаро нафақат Украинада, балки Россия ҳудудидаги тинч аҳолига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Ташкилот икки томонни ҳам аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига қарши ҳужумларни дарҳол тўхтатишга чақирди.
Гуманитар вазият ҳам ёмонлашмоқда:
— 2025 йилда 122 минг киши кўчирилган,
— умумий ҳисобда 3,7 миллион украиналик ўтган йиллар давомида ўз уйини тарк этган,
— BMT гуманитар дастурлари учун зарур бўлган маблағнинг фақат 46 фоизи таъминланган.
БМТ огоҳлантирмоқда: агар можаро кучайиб борса, тинч аҳоли ўртасидаги йўқотишлар яна ошиб кетиши мумкин.