Россия Фанлар академияси Сув муаммолари институти директори Виктор Данилов-Данильяннинг маълум қилишича, Сибир дарёси қўшимча сув оқимини Ўзбекистон ва Қозоғистонга йўналтириш масаласи яна муҳокама марказида турибди.
Бу ташаббус “Қуруқлик сув ресурслари” бўйича илмий кенгашининг октябрь ойидаги йиғилишида кўриб чиқилган.
Лойиҳа доирасида Россия сув соҳасининг стратегик ривожланиши, сув тақчиллиги ва сув ресурсларини қайта тақсимлаш имкониятлари ўрганилади.
Экспертлар энг истиқболли йўналиш сифатида дарёнинг бир қисмини Оролбўйига — Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасидаги қуриган Орол денгизига йўналтиришни қайд этмоқда.
Шунингдек, "Печора" ва "Северная Двина" дарёлари сувининг бир қисмини "Волга" ҳавзаси орқали "Приазове"га ўтказиш масаласи ҳам муҳокама қилинмоқда.
Мутахассислар бундай лойиҳа Россия сув ресурсларини қайта тақсимлаш ва сув танқислигини бошдан кечираётган Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон учун амалий ёрдам бўлиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.