Бугун 11 апрель, 2025 йил, жума

O'ZB

Украинада амалдор муҳим ҳужжатни ошкор қилиб юборди — Зеленский қидирув бошлади

Украинада амалдор муҳим ҳужжатни ошкор қилиб юборди — Зеленский қидирув бошлади

Украина президенти Владимир Зеленский Хавфсизлик хизматига АҚШнинг фойдали қазилмалар бўйича сўнгги таклифи ҳақидаги махфий маълумотларнинг тарқалиб кетиши юзасидан ички текширув ўтказишни топширди.

Расмий шахсларнинг айтишича, ишда полиграф синовлари қўлланилмоқда, деб хабар бермоқда Financial Times.

Тергов Киев ва Доналд Трамп маъмурияти ўртасида Украинанинг стратегик аҳамиятга эга табиий бойликлари ва энергетика инфратузилмасига оид битим шартлари бўйича тобора кучайиб бораётган келишмовчиликлар фонида олиб борилмоқда.

Киевдаги амалдорлар таъкидлашича, Вашингтоннинг янги талаблари улар учун кутилмаган бўлган, ташаббуснинг айрим бандларини эса улар сиёсий жиҳатдан қабул қилиб бўлмайдиган деб ҳисоблашмоқда - энг аввало, мамлакат суверенитети ва иқтисодий мустақиллигига хавф туфайли.

Тергов доирасида бир нечта вазирлик ходимлари ёлғон аниқлаш қурилмасида текширувдан ўтказилди. Бироқ, ҳукумат нечта шахс сўроқ қилингани ва улар қайси аниқ тузилмаларга мансуб эканлиги ҳақида маълумот бермади.

Украина президенти идораси изоҳ беришдан тийилди, Украина хавфсизлик хизмати эса расмий баёнотида "Украина хавфсизлигини ҳимоя қилиш" мақсадида амалдаги қонунчиликка мувофиқ иш олиб бораётганини ва маълумотларнинг бир қисмини уларнинг нозиклиги сабабли ошкор қилмаслигини таъкидлади.

Тергов 26 март куни мухолифатчи депутат Ярослав Железняк келишув лойиҳаси тафсилотларини ўз қўлига тушиб қолган нусхага асосланиб эълон қилганидан сўнг бошланди. Эртаси куни Financial Times ҳам алоҳида олган ҳужжатнинг мазмунини чоп этди. 28 март куни ахборот тарқалишига муносабат билдирган Зеленский шундай деди: "Бу маълумотни ким узатаётгани мени қизиқтирмоқда".

Киритилди: 20:58 05.04.2025. Ўқилди: 3632 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!