Бу ҳақда DW хабар берди.
Европа Иттифоқига аъзо барча 27 та давлат Украина ва Молдованинг ЕИга қўшилиши бўйича биринчи музокаралар кластери очилишини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен ва Европа Кенгаши раҳбари Антониу Кошта маълум қилди.
Биринчи кластер, яъни муҳокама қилинадиган мавзулар гуруҳи, келажакда ЕИга аъзо бўлиш учун риоя этилиши шарт бўлган қадриятлар ва асосий тамойилларга бағишланади. Украина ва Молдова Европа Иттифоқига кириш учун жами олтита музокаралар кластеридан (улар ўнлаб бўлимларни ўз ичига олади) ўтиши керак. Шундан сўнг иккала мамлакатнинг ЕИга қабул қилиниши блокнинг барча аъзо давлатлари томонидан бир овоздан маъқулланиши лозим.
Владимир Зеленский европалик ҳамкорларига "Европа йўлидаги кучли қадам" учун миннатдорчилик билдирди.
"Киев ўзини ва шу орқали бутун Европани — европалик халқлар бирликда, эркин ва тинчликда яшай олиши ҳақидаги ғояни ҳимоя қилмоқда", – деб ёзди Зеленский ўзининг Telegram-каналида.
Эслатиб ўтамиз, Украинанинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши бўйича музокаралар расман 2024 йилнинг июн ойида бошланган эди, бироқ Венгриянинг позицияси сабабли узоқ вақт давомида тўхтаб қолганди. Виктор Орбан ҳукумати алмашганидан кейин вазият ўзгармоқда.