Украина ва АҚШ ўртасидаги табиий ресурслар бўйича келишув лойиҳаси ниҳоясига етди ва бугун, 30 апрель куни имзоланиши мумкин.
Бу ҳақда Bloomberg ёзмоқда.
Агентлик манбаларига кўра, Украина Иқтисодиёт вазири Юлия Свириденко ҳужжатни имзолаш учун аллақачон Вашингтонга йўл олган.
Bloomberg томонидан кўриб чиқилган шартнома лойиҳасига кўра, келишувга кўра, Қўшма Штатлар ва Украина "кончилик, энергетика ва тегишли технологияларга сармояларни кўпайтириш" учун шароит яратишга интилади.
Ҳужжатда, шунингдек, Украина ва АҚШ сармоявий лойиҳаларни бошқариш учун қўшма жамғарма ташкил этиши кўзда тутилган. Bloomberg агентлигига кўра, Қўшма Штатлар Украинага фақат келишув имзолангандан кейин кўрсатилган ҳарбий ёрдам Американинг жамғармага қўшадиган ҳиссаси ҳисобланишига рози бўлган.
РБК-Украина ҳам АҚШ ва Украина бугун табиий ресурслар бўйича келишув имзолаши мумкинлигини ёзади. Нашр манбалари Юлия Свириденконинг Вашингтонда эканлигини тасдиқлади. Уларга кўра, ҳозирда Америка ва Украина томонлари ҳужжатнинг якуний техник тафсилотлари бўйича келишиб олишмоқда.
Агентлик келтирган келишувдан парчаларга кўра, ҳужжат Украинанинг Россия билан ҳарбий можародан кейин тикланиши доирасида Вашингтон ва Киев ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Шу билан бирга, Олий Рада депутати Олексий Гончаренко Украина АҚШ билан минерал ресурслар бўйича келишувнинг якуний матнини ҳали олмаганини айтди. "Свириденко ҳали АҚШга етиб боргани йўқ. Украина томонида келишув матни йўқ. Ҳозирча имзолашга тайёргарлик кўрмаяпти. Ҳамма нарса ўзгариши мумкин, аммо вазият ҳозирча шундай", - деб ёзди Гончаренко ўзининг Телеграм-каналида.