Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига Россия етакчиси Владимир Путиннинг Украина президенти Владимир Зеленский билан Москвада учрашишга тайёрлиги ҳақидаги баёнотига изоҳ бериб, у очиқ-ойдин қабул қилиб бўлмайдиган таклифлар билан барчани манипуляция қилишда давом этаётганини айтди.
Бу ҳақда Украина ТИВ раҳбари ижтимоий тармоқда хабар берди.
"Ҳозирда камида етти давлат Украина ва Россия раҳбарларининг урушни тугатиш бўйича учрашувини ўтказишга тайёр. Австрия, Муқаддас тахт, Швейцария, Туркия ва учта Форс кўрфази давлати", деб ёзади Сибига.
Унинг таъкидлашича, бу жиддий таклифлар ва президент Зеленский исталган вақтда бундай учрашувга тайёр.
"Аммо Путин номақбул таклифларни илгари суриб, ҳаммани алдашда давом этмоқда. Фақат кучайган босим Россияни ниҳоят тинчлик жараёнига жиддий ёндашишга мажбур қилиши мумкин", деди Сибига.