Bild нашрининг хабар беришича, Украина ҳарбийлари гранатомётлар, портловчи моддалар ва ҳатто танкка қарши қуроллар билан жиҳозланган жанговар роботлардан тобора кўпроқ фойдаланмоқда. Октябр ойи охирида Лиман шаҳри яқинида роботлар пиёдалар ҳамроҳлигисиз Россия позицияларига ҳужум уюштирган.
Россия пропагандаси билан боғлиқ ҳарбий Теlegram-каналларда мазкур ҳужум муваффақиятсиз бўлгани ҳақида хабарлар тарқатилган. Уларда дронлар роботларни нишонга олгани ва барчаси йўқ қилингани айтилади. Бироқ бу маълумотларни мустақил равишда текшириш имкони йўқ. Шунга қарамай, Украина томонидан амалга оширилган ҳужум уруш жараёни тобора роботлаштирилаётганини кўрсатади.
Экспертларнинг таъкидлашича, бундай роботларнинг учувчи дронлар билан ўзаро ҳамкорлиги алоҳида аҳамиятга эга. Ҳаводаги дронлар ер усти роботлари учун “кўз” вазифасини бажаради, уларнинг ҳаракатини бошқаради ва ҳатто фронт ортига олиб ўтиши мумкин.
Украина Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, октябр ойида ер усти роботлари логистика ва эвакуация билан боғлиқ 31 398 та амалиётни бажарган. Январ ойида эса бу кўрсаткич атиги 7 511 тани ташкил этган.
Ҳозирча роботларнинг аксарияти бевосита жанговар ҳаракатларда қатнашмаяпти. Улар асосан юк ташиш, яраланган ва ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларни эвакуация қилиш учун ишлатилмоқда.