"Шунга қарамай, Трамп маъмурияти Украинага янги Patriot тизимларини етказиб беришга ҳозирча тайёр эмас", деб ёзади газета Ғарб давлатлари расмийларга таяниб.
Мақолада қайд этилишича, 2023 ва 2024 йилларда Patriot тизимлари Россиянинг баллистик ракеталарини тутиб қолишда нисбатан самарали бўлган. Аммо 2025 йил май ойи охиридан бошлаб Украина бундай ракеталарни уриб туширишда қийинчиликларга дуч кела бошлаган.
АҚШ президенти Доналд Трамп сўнгги кунларда Россия томонидан уюштирилган ҳужумларни қоралади ва Путинни "ақлдан озган" деб атади, бироқ Киевга ҳарбий ёрдам ажратиш бўйича ҳеч қандай янги ваъда бермади.
Украина Қўшма Штатлардан, энг аввало, кўпроқ Patriot тизимларини этказишни сўрамоқда, деб ёзади нашр. Бироқ АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг сўзларига кўра, Қўшма Штатларда бундай тизимлар етарли эмас.
Patriot тизимлари ишлаб чиқарувчи Raytheon компанияси фақат 2022 йилдан кейин ишлаб чиқаришни кенгайтиришни бошлаган. Шу билан бирга, АҚШ ушбу ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг бир қисмини ўз мудофааси учун сақлашга мажбур, айниқса, Эрон ва бошқа эҳтимолий рақиблардан ҳужумлар эҳтимоли мавжуд бўлган ҳозирги шароитда.
"Вашингтон ҳозирда бизнесменлар каби ўйламоқда. Яъни, Қўшма Штатлар қуроллари эндиликда Украинага фақат пул эвазига берилиши мумкин. Байден маъмурияти эса Украинага Patriot мажмуаларини ҳарбий ёрдам сифатида юборган эди. Биз мослашишга мажбурмиз. Энди ҳеч ким уларни совға сифатида бермайди", — дея изоҳ берди украиналик расмий.