Финляндиянинг Helsingin Sanomat нашри манбаларига таяниб хабар беришича, Украина томонидан учирилган портловчи моддалар ортилган дронлар техник носозлик сабабли тасодифан Финляндия томон йўналган бўлиши мумкин.
Нашр маълумотига кўра, Киевнинг ўзи Хельсинкини дронлар адашиб Финляндия томон йўналгани ҳақида огоҳлантирган. Шу муносабат билан Финляндия расмийлари чегара ҳудудларида яшовчи аҳолини эҳтимолий хавф ҳақида хабардор қилган, бироқ таҳдиднинг аниқ моҳияти очиқланмаган.
Кейинроқ Финляндия ҳарбийлари дронлар мамлакат томон Россия ҳудудидан яқинлашганини маълум қилди. Газета таъкидлашича, бу ҳолат таҳдид Россиянинг Украинага қарши ҳаракатлари билан боғлиқ деган тасаввур уйғотиши мумкин эди.
Нашрнинг ёзишича, ҳужум дронлари одатда нишон координаталари бўйича дастурланади, аммо техник носозликлар туфайли белгиланган йўналишдан чиқиб кетиши мумкин. Финляндия ҳарбийлари дронлар мамлакат ҳаво ҳудудига кирмаганини билдирган. Шу билан бирга, газета улар йўлда Россия ҳаво мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилган бўлиши мумкинлигини ҳам истисно қилмайди.