Украина бошқа давлат вакилларига 9 май куни Москвада бўлишни тавсия этмайди — Зеленский.
"Россияликлар йилига бир марта бир соатга Қизил майдонга хавфсиз чиқиш учун Украинадан ўз парадларини ўтказишга рухсат сўрашмоқда, шундан сўнг улар яна одамларимизни ўлдиришда ва урушишда давом этишмоқчи. Россияликлар аллақачон 9 майдан кейинги зарбалар ҳақида гапиришмоқда. Россия раҳбариятининг мантиғи ғалати ва мутлақо ноадекват.
Шунингдек, Россияга яқин айрим давлатлардан уларнинг вакиллари Москвада бўлиш ниятида эканлиги ҳақида мурожаатлар бор. Бу ғалати истак. Биз буни тавсия этмаймиз", — деди Украина президенти.
Бундан ташқари, у Киев Москванинг ҳаракатларига мутаносиб иш тутишини яна бир бор таъкидлади. Буни агар Россия зарба бермаса, Украина сулҳни қўллаб-қувватлашга тайёрлиги сифатида талқин қилиш мумкин.
"Украинанинг позицияси максимал даражада шаффоф ва адолатли, биз мутаносиб жавоб қайтарамиз. Агар Россия “сукунат режими”га амал қилганида, Украинанинг узоқ масофали зарбалари ҳам бўлмасди", — деди Зеленский.
Шу билан бирга, президент Украина ҳарбийларига Россия ҳудудига берилган узоқ масофали зарбалар учун миннатдорлик билдирди.