Россия Ташқи ишлар вазирлиги барча аккредитациядан ўтган хорижий дипломатик миссиялар ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналарига нота юборилганини маълум қилди. Унда Киевнинг 9 май куни Москвага зарба бериш “таҳдидлари” муносабати билан, дипломатик ваколатхоналар ходимларини Киевдан олдиндан эвакуация қилишни таъминлаш сўралган.
Россия ташқи сиёсат идораси баёнотига кўра, бундай ҳолатда Киевга нисбатан муқаррар равишда жавоб зарбаси берилади.
"Россия ТИВ Россия Қуролли кучлари томонидан Киевга, жумладан, қарор қабул қилиш марказларига нисбатан жавоб зарбаси берилиши муқаррарлиги муносабати билан, дипломатик ва бошқа ваколатхоналар ходимлари, шунингдек, фуқароларнинг Киев шаҳридан олдиндан эвакуация қилинишини таъминлашга қатъий чақиради", — дейилади Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарованинг вазирлик сайтида эълон қилинган шарҳида.