Тошкент бир чоракда 25 тонна олтин сотиб олди ва дунёдаги энг йирик қимматбаҳо металл харидорлари учлигига кирди.
Ўзбекистон Марказий банки 2026 йилнинг биринчи чорагида дунёдаги энг йирик олтин харидорларидан бирига айланди. Тошкент 25 тонна қимматбаҳо металл сотиб олиб, жаҳон регуляторлари орасида иккинчи ўринни эгаллади. Олтин хариди бўйича Польша 31 тонна билан етакчилик қилди, ундан кейин Ўзбекистон, сўнг Қозоғистон (13 тонна) ва Хитой (7 тонна) жой олди. Бу ҳақда Жаҳон олтин кенгаши (WGC) маълумотларида айтилган.
Март ойида Ўзбекистон Марказий банки 9 тонна олтин харид қилди ва бу кўрсаткич бўйича фақат 11 тонна сотиб олган Польша регуляторидан ортда қолди. Март ойидаги бошқа йирик харидорлар қаторида Қозоғистон (+6 тонна), Хитой (+5 тонна), Чехия ва Гватемала (ҳар бири +2 тоннадан) қайд этилди.
Бошқа томонда эса сотувчилар турибди: март ойида жаҳон марказий банклари жами 66 тонна олтин сотди. Асосий ҳажм Туркия (60 тонна) ва Россия (6 тонна) ҳиссасига тўғри келди.
2026 йил апрель ойи бошига келиб, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 68,9 миллиард долларни ташкил этган.