Икки карра Олимпиада чемпиони, жаҳон чемпиони, проф бокснинг учта вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони Василий Ломаченко фаолиятини якунлаганини эълон қилди.
Украиналик бокс афсонаси 2024 йилнинг май ойида профессионал рингдаги сўнгги жангини ўтказганди. Ўшанда у енгил вазнда IBF чемпионлик камарини қўлга киритганди. Унинг ҳисобида 18 ғалаба ва 3 мағлубият бор.
"Ҳар бир боксчининг фаолиятида шу кун келади. Ҳар бир нарсанинг бошланиши бўлганидек, якуни ҳам албатта бор. Менда шу кун етиб келди. Мени дунёга танитган бокс қўлқопларимни михга илиш фурсати етди", — деб ёзди 37 ёшли Ломаченко ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Маълумот учун, Василий Ломаченко Пекин-2008 ва Лондон-2012 Олимпиадаларида олтин медални қўлга киритган. У проф боксдаги учинчи жангидаёқ жаҳон чемпионига айланганди. Лома еттинчи жангида икки, ўн иккинчи жангида эса учта вазн тоифасида жаҳон чемпиони бўлиб, ўзига хос рекорд ўрнатган эди.