Бугун 4 август, 2025 йил, душанба

O'ZB

Уиткофф: Ғазода урушни тўлиқ тўхтатишга эришиш лозим

Уиткофф: Ғазода урушни тўлиқ тўхтатишга эришиш лозим

АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткоффнинг таъкидлашича, бу босқичдаги асосий мақсад — Ғазо секторида ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш ва можарони ҳал қилиш бўйича кенг қамровли келишувга эришиш бўлиши керак.

Бу ҳақда Report нашри Times of Israel манбасига таяниб хабар берди.

«Режа — урушни давом эттириш эмас, уни тугатиш», — деди Уиткофф Исроилда гаровда сақланаётган фуқароларнинг яқинлари билан учрашув чоғида.

Унинг таъкидлашича, Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги вақтинчалик келишув ўрнига, тўлиқ тинчлик ва барча гаровдагиларнинг қайтарилишига эришиш керак.

Махсус вакилнинг сўзларига кўра, Ғазо аҳолисининг кўпчилиги ҳам гаровдагиларнинг уйларига қайтишини хоҳлайди, чунки шундан сўнг анклавни тиклаш жараёни бошланиши мумкин.

Маълумотларга кўра, Уиткоффнинг гаровда қолганларнинг яқинлари билан учрашуви уч соатга яқин давом этган.

Эслатиб ўтамиз, июль ойида АҚШ ва Исроил Қатар пойтахти Дохада гаровдагиларни озод этиш ва оташкесим юзасидан олиб борилаётган музокаралардан ўз делегацияларини чақириб олган эди.

Шунингдек, Исроил Мудофаа армияси Бош штаби раҳбари Эяль Замир шанба куни қилган баёнотида яқин кунларда Ғазода қолган гаровдагиларни озод қилиш бўйича келишувга эришиш имконияти юзасидан аниқлик киритилишини маълум қилган.

2023 йил 7 октябрь куни ҲАМАС Исроилга ҳужум уюштирган эди. Бу ҳужумда 1 200 дан ортиқ киши ҳалок бўлди, 240 киши гаровга олинди. Жавоб тариқасида Исроил ҳарбийлари Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ҳарбий амалиётни бошлаган. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, шу вақтгача анклавда ҳалок бўлганлар сони 60 мингдан ошиб кетган.

Киритилди: 19:00 02.08.2025. Ўқилди: 464 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!