Саудия Арабистони майдонларида бўлиб ўтаётган U-23 Осиё Кубогида чорак финал учрашувлари якунига етди. Сўнгги баҳсда Жанубий Корея U-23 терма жамоаси Австралияни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.
Шу тариқа, мусобақанинг ярим финал босқичида Вьетнам U-23 терма жамоаси Хитойга қарши майдонга тушади. Иккинчи ярим финал учрашувида эса Япония ва Жанубий Корея U-23 терма жамоалари финал йўлланмаси учун кураш олиб боради. Мазкур баҳслар 20 январь, сешанба куни бўлиб ўтади.
U-23 Осиё кубоги ярим финал жуфтликлари:
Вьетнам U-23 — Хитой U-23
Япония U-23 — Жанубий Корея U-23
Ярим финал босқичида ғалаба қозонган жамоалар 24 январь куни ўтказиладиган финал баҳсида тўқнаш келади. Мағлуб бўлган жамоалар эса 23 январь санасида бронза медали учун баҳс олиб боради.
Маълумот учун, 2028-йилги Лос-Анжелес Олимпия ўйинларига тайёргарлик доирасида ушбу турнирда Ўзбекистон У-21 терма жамоаси ҳам иштирок этди. Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги жамоа чорак финалда Хитойга қарши майдонга тушди. Ўзбекистон асосий ва қўшимча бўлимларда дуранг қайд этганига қарамай (0:0), пенальтилар сериясида 2:4 ҳисобида мағлуб бўлиб, мусобақани тарк этди.