Ўзбекистонда турмуш ўртоғи камида уч йилга озодликдан маҳрум этилган фуқаро айрим шартлар асосида судга мурожаат қилмасдан ҳам никоҳини бекор қилиши мумкин.
Оила кодексининг 43-моддасига мувофиқ, эр ёки хотин жиноят содир этгани учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга қамалган бўлса, иккинчи томон ФҲДЁ органига бир томонлама ариза топшириш ҳуқуқига эга. Бу тартиб ўртада вояга етмаган фарзандлар бўлган тақдирда ҳам қўлланади.
Бироқ болалар, умумий мол-мулкни тақсимлаш ёки таъминот масаласида низо мавжуд бўлса, никоҳ суд орқали бекор қилинади.
"Давлат божи тўғрисида"ги қонунга асосан, камида уч йилга озодликдан маҳрум этилган шахс билан никоҳни бекор қилиш тўғрисида судга бериладиган даъво аризаси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 фоизи миқдорида давлат божи белгиланган.
2026 йил 1 сентябрдан БҲМ 440 минг сўмни ташкил этади. Шунга кўра, ушбу тоифадаги даъво аризаси учун давлат божи 8 800 сўм бўлади.
Муҳим жиҳати, 8 800 сўм судга даъво аризаси бериш учун белгиланган бож бўлиб, ФҲДЁ орқали никоҳдан ажралишни қайд этиш тўловидан фарқ қилади.