Бугун 12 ноябрь, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Туркия Исроилни COP31 саммитига таклиф қилмади

Туркия Исроилни COP31 саммитига таклиф қилмади

Туркия Антальяда ўтказиладиган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича 31-конференцияси (COP31) доирасидаги етакчилар саммитига Исроил ҳукуматини таклиф қилмади. Анқара Ғазодаги воқеалар ва Исроилга нисбатан ўз позициясини ўзгартирмаслигини маълум қилди.

Бу ҳақда COP31 раиси, Туркия атроф-муҳит, урбанизация ва иқлим ўзгариши вазири Мурат Курум NTV телеканалига берган интервьюсида айтди.

Вазирнинг таъкидлашича, Анқара конференцияда иқлим кун тартиби ва иқлим адолатини таъминлаш масалаларига эътибор қаратади.

«Тинчлик бўлмаган жойда иқлим адолати ҳам бўлмайди», — деди Курум. У конференция муносабати билан Туркиянинг Исроил давлати ва ҳукуматига бўлган муносабати ўзгармаслигини таъкидлади.

Курумнинг тушунтиришича, саммитга давлат раҳбарларини таклиф қилиш мезбон мамлакат ваколатига киради. Бироқ барча давлатлар БМТ шафелигидаги музокараларда иштирок этиш, ўз позицияси, ташаббуслари ва лойиҳаларини тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Вазир Туркия Ғазода содир бўлаётган воқеаларни сукут сақлаб кузатиб турмаслигини ҳам билдирди. Фаластин муаммосига эътибор қаратиш мақсадида COP31 конференциясининг 6250 кишига мўлжалланган энг катта зали «Ғазо» деб номланди.

Шунингдек, тадбир доирасида анклавдаги воқеаларга бағишланган кўргазма ташкил этилди. Унда фаластинлик рассомларнинг уруш, адолатсизлик ва гуманитар фожиага бағишланган асарлари намойиш этилмоқда.

Конференциянинг асосий вазифаси ҳақида гапирар экан, Курум халқаро ҳамжамият янги ваъдалар беришдан кўра, аввал қабул қилинган мажбуриятларни бажаришга ўтиши кераклигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, аввалги иқлим саммитларида қабул қилинган қарорларни амалга ошириш кўп ҳолларда кечикиб келган.

«Сўзлар вақти ўтди. Биз воқеалар марказида турибмиз. Гапириш тугади, энди амалий ҳаракатларга ўтайлик. Бизга янги мажбуриятлар керак эмас», — деди вазир.

У давлатлар томонидан 300 миллиард доллар, хусусий сектор томонидан эса 1 триллион доллар миқдорида иқлим молиялаштириши ажратилиши бўйича эълон қилинган мажбуриятларни ҳам эслатди.

Курум Туркия COP31 конференцияси ушбу маблағлар ва мажбуриятларни амалий босқичга ўтказиш майдонига айланишини исташини билдирди. Шу сабабли тадбир «Амалга ошириш COPи» деб номланган.

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған иштирокида ўтадиган етакчилар саммити иқлим конференциялари тарихида иштирокчилар сони бўйича энг йирик тадбирга айланиши кутилмоқда.

Курум маълумотларига кўра, ҳозиргача 102 нафар давлат ва ҳукумат раҳбари ҳамда 330 нафар вазир иштирок этишини тасдиқлаган. Конференцияга ташриф буюрувчиларнинг умумий сони 100 минг кишидан ошиши кутилмоқда. Интервью берилган куни тадбирнинг «кўк зона»сида қарийб 22 минг иштирокчи бўлган.

Туркия раислигининг устувор йўналишлари қаторида тоза энергетикани ривожлантириш, «Нол чиқинди» концепцияси, метан чиқиндиларини қисқартириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, соғлиқни сақлаш тизимларини мустаҳкамлаш, яшил саноатни ривожлантириш, барқарор шаҳарлар барпо этиш, шунингдек, океан ва денгизларни муҳофаза қилиш масалалари бор.

Киритилди: 22:36 10.11.2026. Ўқилди: 707 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар