2026 йил 7–11 июль кунлари Ўзбекистон Республикасининг Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида “Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва маърифат йўли” мавзусидаги Ислом цивилизациясининг 1-халқаро форуми ўз ишини бошлади.
Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг форум иштирокчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг мурожаатини Адолат ва тараққиёт партияси (AK Parti) раиси ўринбосари Кürшад Зорлу етказди. Татаристон Республикаси Раисининг мурожаати эса “Россия – Ислом дунёси” Стратегик қарашлар гуруҳи раиси маслаҳатчиси ва Татаристон Республикаси Раисининг махсус вакили Фарит Мухаметшин томонидан ўқиб эшиттирилди.
Очилиш маросимида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Дин ишлари ва маърифат масалалари бўлими раҳбари Музаффар Камилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Кавказ мусулмонлари идораси раиси Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, TURKSOY Бош котиби Султон Раев ҳамда ICESCO Бош директори Салим М. АлМалик нутқ сўзлади. Шунингдек, Мусулмон Жаҳон Лигаси Бош котиби Муҳаммад бин Абдулкарим Ал-Иссанинг видеомурожаати намойиш этилди.
Форумда Туркий Маданият ва Мерос Жамғармаси Президенти, профессор Актоти Раимқулова ҳам иштирок этди. У “Буюк ўтмиш мероси — маърифатли келажак пойдевори” мавзусидаги тўртинчи ялпи мажлисда маъруза қилди.
Профессор Актоти Раимқулова ўз нутқида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси марказини ташкил этгани ва мазкур форумга асос солгани учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистоннинг цивилизациялараро мулоқотни ривожлантиришдаги муҳим ўрнини алоҳида таъкидлади.
Жамғарма президенти ислом ва туркий цивилизацияларнинг жаҳон маданий меросига қўшган улкан ҳиссасига тўхталиб, Жамғарманинг ICESCO ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорликдаги фаолияти ҳақида маълумот берди.
Сўзининг якунида профессор Актоти Раимқулова ислом ва туркий цивилизациялар меросини асраб-авайлаш йўлида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлигини таъкидлаб, форум ташкилотчиларига самарали ҳамкорлик учун ўз миннатдорлигини билдирди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур форум дунёнинг турли мамлакатларидан таниқли олимлар, экспертлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, етакчи олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари, музейлар ҳамда бошқа ташкилотлар вакилларини бир майдонда жамлади.