2026 йил 27 апрель куни Туркий Маданият ва Мерос Жамғармаси Президенти, профессор Актоти Раимқулова хонимнинг Туркиянинг Газиантеп шаҳрига амалга оширган хизмат сафари доирасида Газиантеп Катта Шаҳар ҳокими Фотма Шаҳин хоним билан учрашув бўлиб ўтди.
Томонлар туркий дунёнинг бой маданий меросини асраш, тарғиб қилиш ва уни келажак авлодларга етказиш йўналишларида узоқ муддатли ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилдилар.
Учрашув давомида Актоти Раимқулова хоним Жамғарманинг туркий меросни келажак авлодларга етказиш миссиясига мувофиқ амалга ошираётган халқаро лойиҳалари, жумладан “Туркий фольклор антологияси” ҳамда маданий меросни рақамлаштиришга қаратилган ташаббуслар ҳақида маълумот берди.
Самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирган ҳолда, Жамғарма президенти Газиантеп шаҳрининг маданий меросни асраш соҳасидаги кучли институционал салоҳияти ва халқаро тажрибаси ташкилот билан ҳамкорлик учун муҳим асос бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Фотма Шаҳин хоним эса Туркий Маданият ва Мерос Жамғармасининг туркий дунё бирлигини мустаҳкамлаш ва умумий илдизларни халқаро миқёсда тарғиб қилишга қаратилган фаолиятини юқори баҳолади. У Жамғарма лойиҳалари маданий хотирани асрашда муҳим роль ўйнашини таъкидлаб, Газиантеп ушбу муҳим вазифада ишончли ҳамкор бўлиб қолишга доимо тайёр эканини билдирди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш ва аниқ лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қўшма ишларни давом эттиришга келишиб олдилар.