2026 йил 8 май куни Туркий Маданият ва Мерос Жамғармаси ҳамда Озарбайжон Меъморлар Иттифоқи томонидан меъмор Ажами Нахчивонийнинг 900 йиллигига бағишланган “Озарбайжон меъморий мероси даҳоси” номли китоб ва эсдалик почта маркалари тақдимот маросими биргаликда ташкил этилди.
Тадбир Озарбайжон Республикаси Президенти Жаноби Олийлари Илҳом Алиевнинг буюк меъмор Ажами Нахчивонийнинг 900 йиллигини нишонлаш ҳамда 2026-йилни Озарбайжон Республикасида “Шаҳарсозлик ва меъморчилик йили” деб эълон қилиш тўғрисидаги тегишли фармонларига мувофиқ ўтказилди.
Очилиш маросимида сўзга чиққан Туркий Маданият ва Мерос Жамғармаси президенти, профессор Актоти Раимқулова икки кундан сўнг таваллуд айёми нишонланадиган Озарбайжон халқининг Умуммиллий етакчиси, буюк арбоб Ҳайдар Алиевнинг қуйидаги сўзларини эслади:
“Туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик қанчалик мустаҳкам бўлса, халқларимиз ҳам шунчалик кучли бўлади”.
Унинг таъкидлашича, Туркий Маданият ва Мерос Жамғармаси томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар, жумладан тақдим этилган ушбу нашр ҳам айнан шу ғояга — туркий халқлар бирлигини умумий маданий қадриятлар асосида янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Жамғарма президенти маълум қилишича, 2025-йил 15-декабрь куни Париждаги UNESCO қароргоҳида Туркий тиллар оиласи куни доирасида Ажами Нахчивонийнинг 900 йиллиги халқаро миқёсда нишонланган. Тадбир давомида ушбу китоб тақдим этилиб, буюк меъморнинг бой ижодий меросини акс эттирувчи кўргазма ҳам ташкил этилган.
Шунингдек, у Озарбайжон Меъморлар Иттифоқи ва нашрни тайёрлашда иштирок этган барча мутахассисларнинг алоҳида ҳиссасини таъкидлаб, уларга миннатдорлик билдирди.
Расмий нутқлар давомида Озарбайжон Меъморлар Иттифоқи бошқаруви раиси Элбай Гасимзаде Ажами Нахчивонийни Озарбайжон меъморчилигининг энг йирик намояндаларидан бири ва Нахчивон меъморчилик мактабининг асосчиси эканини қайд этди.
Шундан сўнг Озарбайжоннинг UNESCOдаги доимий вакили, элчи Элман Абдуллаевнинг видеомурожаати намойиш этилди.
Тадбир доирасида Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси депутати ва парламентнинг Маданият қўмитаси раиси Полад Булбулўғли, Озарбайжон Миллий Фанлар Академияси президенти Иса Ҳабиббайли, Озарбайжон Республикаси маданият вазири ўринбосари Саодат Юсифова, шунингдек “Озарбайжон меъморий мероси даҳоси” китоби муаллифи, меъморчилик бўйича фалсафа доктори Раҳиба Алиева нутқ сўзлаб, нашрнинг илмий ва бадиий аҳамиятига тўхталиб ўтдилар.
Тадбир бадиий дастур билан давом этди.