Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ягона ахборот платформасини яратиш, умумий ахборот хавфсизлиги концепциясини ишлаб чиқиш ва уни ҳимоя қилиш стратегик аҳамиятга эга.
Озарбайжон Республикаси Нодавлат Ташкилотларига Давлат Кўмаги Агентлигининг 2026 йилги грант танлови ғолибларидан бири бўлган «Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ Сўз Эркинлиги Тармоғи» Жамоат Бирлиги (CASCFEN) «Шуша декларациясидан Туркий давлатлар ташкилотигача» лойиҳасини амалга оширишда давом этмоқда.
1 августдан 31 октябрга қадар амалга оширилаётган лойиҳа доирасида туркий дунё интеграцияси, умумий қадриятлар ва келгуси ривожланиш истиқболларига бағишланган 10 та мавзу бўйича туркум интервьюлар тайёрланмоқда.
Тўпламнинг иккинчи мавзуси «Туркий давлатлар ташкилотида медиа ва ахборот хавфсизлиги» деб номланган. Интервью доирасида замонавий ахборот урушлари, туркий дунёда умумий медиа платформаларини яратиш, ягона медиа сиёсати ва дезинформацияга қарши ҳамкорликнинг мумкин бўлган йўналишлари муҳокама қилинди.
Мавзу юзасидан Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси депутати, Туркийзабон давлатлар Парламент Ассамблеясида Озарбайжон делегацияси аъзоси Ҳикмат Бабaoғлу ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ходими Дилдора Абдуллаева ўз фикрларини билдирди.
Замонавий даврда ахборот урушларининг долзарблиги ошиб, давлатларнинг хавфсизлик сиёсатида ахборот хавфсизлиги муҳим ўрин эгалламоқда. Шу нуқтаи назардан, суҳбатдошлардан Туркий давлатлар ташкилоти доирасида умумий медиа ва ахборот стратегиясини шакллантиришнинг аҳамияти ҳақида фикр сўралди.
Депутат Ҳикмат Бабао‘ғлунинг таъкидлашича, янги даврнинг асосий хавфсизлик чақириқларидан бири айнан ахборот билан боғлиқ. Унинг сўзларига кўра, ахборот инсонларнинг фикрлаши ва воқеаларга муносабатига таъсир кўрсатиши билан бирга, давлат ва жамият миқёсида ҳам жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Шу нуқтаи назардан, ахборот уруши замонавий урушларнинг муҳим йўналишларидан бирига айланган.
Депутатнинг фикрича, ҳеч бир давлат ахборот хавфсизлигини тўлиқ равишда ёлғиз таъминлай олмайди. ТДТни «умумий оила» сифатида таърифлаган Бабао‘ғлу умумий хавфсизлик билан бир қаторда ахборот хавфсизлигини ҳам биргаликда таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.
Унинг фикрича, ТДТ доирасида ягона ахборот платформасини яратиш ва умумий ахборот хавфсизлиги концепциясини ишлаб чиқиш стратегик аҳамиятга эга.
Дилдора Абдуллаева эса рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши шароитида ахборот хавфсизлиги миллий хавфсизликнинг ажралмас қисмига айланганини қайд этди.
Унинг фикрича, ягона ахборот стратегияси туркий давлатлар ўртасида тезкор ахборот алмашинувини таъминлаш билан бирга, муҳим воқеаларга мувофиқлаштирилган муносабат билдириш ва дезинформацияга қарши янада самарали курашиш имконини беради.
Абдуллаева, шунингдек, умумий тарих, маданият ва қадриятларни ягона ахборот сиёсати доирасида тарғиб қилиш туркий дунёдаги бирдамликни янада мустаҳкамлашини таъкидлади.
Суҳбатнинг кейинги қисми туркий дунёнинг халқаро ахборот маконида янада кучли намоён бўлиши ва умумий медиа платформаларини яратишнинг эҳтимолий натижаларига бағишланди.
Ҳикмат Бабао‘ғлунинг таъкидлашича, ягона ахборот макони фақат анъанавий медиа билан чекланмаслиги керак. Унинг фикрича, ижтимоий тармоқлар ва ахборот муҳитининг бошқа таркибий қисмлари бўйича ҳам умумий платформаларни яратиш мумкин ва зарур.
Депутатнинг сўзларига кўра, ТДТнинг умумий ахборот ва ижтимоий тармоқ платформаларини шакллантириш миллий манфаатларни биргаликда тарғиб қилиш, туркий дунёнинг ахборот маконида мувофиқлаштирилган фаолиятини таъминлаш ҳамда умумий мулоқот имкониятларини ривожлантиришга хизмат қилиши мумкин.
У бундай платформалар туркий дунёда умумий тил ва мулоқот имкониятларининг ривожланишига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши мумкинлигини қайд этди.
Дилдора Абдуллаева эса умумий медиа платформалари туркий давлатларнинг тарихи, маданияти, илмий салоҳияти, туризм, иқтисодиёт ва инвестиция имкониятлари ҳақида ишончли маълумотларни жаҳон жамоатчилигига етказиш учун кенг имкониятлар яратишини таъкидлади.
Унинг фикрича, умумий телеканаллар, ахборот агентликлари, рақамли медиа ва ижтимоий тармоқларда ҳамкорликни кенгайтириш туркий давлатларнинг глобал ахборот маконидаги таъсири ва «юмшоқ куч» салоҳиятини ошириши мумкин.
Бундай ҳамкорлик туризм, савдо, таълим ва маданий алоқаларнинг ривожланишига ҳам хизмат қилади.
Суҳбатнинг учинчи йўналиши дезинформация, ахборот манипуляцияси ва кибертаҳдидларга қарши туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни қандай механизмлар орқали кучайтириш мумкинлигига бағишланди.
Ҳикмат Бабао‘ғлунинг таъкидлашича, глобал ахборот маконидаги маълумотларни айнан қандай тақдим этилган бўлса, шундайлигича қабул қилиш тўғри эмас. Чунки ахборотнинг муҳим қисми манипулятив хусусиятга эга бўлиб, жамоатчилик фикрига таъсир кўрсатишни мақсад қилади.
Унинг сўзларига кўра, ижтимоий тармоқлар ҳам ахборот ва манипуляция воситасига айланиши мумкин.
Бабао‘ғлунинг фикрича, дезинформация ТДТ доирасида бўлиниш ва қарама-қаршиликларни юзага келтириш учун ҳам ишлатилиши мумкин. Шу сабабли у ТДТ доирасида умумий медиа сиёсатини, ахборот хавфсизлиги концепциясини ва ахборот таҳдидларига қарши биргаликда курашиш механизмларини яратишни муҳим деб ҳисоблайди.
Дилдора Абдуллаева ҳам ахборот хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Унинг фикрича, киберхавфсизлик бўйича умумий марказларни ташкил этиш, таҳдидлар ҳақида тезкор ахборот алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма машғулотлар ўтказиш ва тажриба алмашинувини кенгайтириш муҳим қадамлар бўлиши мумкин.
Абдуллаева, шунингдек, фактларни текшириш марказларини ташкил этиш ва сохта хабарларга қарши биргаликда курашиш механизмларини шакллантиришни таклиф қилди.
Унинг таъкидлашича, мувофиқлаштирилган фаолият ахборот таҳдидларига тезкор жавоб бериш, тўғри маълумотларни ўз вақтида тарқатиш ва ташқи ахборот ҳужумларининг таъсирини камайтириш имконини беради.
Шу тариқа, суҳбатдошларнинг фикрлари шуни кўрсатадики, Туркий давлатлар ташкилоти доирасида медиа ва ахборот хавфсизлиги масалалари энди фақат коммуникация соҳаси эмас, балки стратегик хавфсизлик ва интеграция сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида кўриб чиқилиши лозим.