Turkish Airlines авиакомпаниясига тегишли самолёт портлаш таҳдиди сабаб Барселонадаги Эль-Прат аэропортига фавқулодда қўнишни амалга оширди.
Бу ҳақда Catalunya Radio манбаларга таяниб маълум қилди.
Ҳаво кемаси текширувдан ўтказилганидан сўнг, хавфсизлик кучлари бортда портловчи қурилмалар йўқлигини маълум қилди.
Гап Истанбул — Барселона йўналиши бўйича парвоз қилган TK1853 рейси ҳақида бормоқда. Лайнер маҳаллий вақт билан тахминан соат 11:00 да Жозеп Таррадельяс номидаги аэропортга қўнган. Самолётда 148 нафар йўловчи ва 7 нафар экипаж аъзоси бўлган.
Самолёт Iberia авиакомпанияси ангари ёнидаги изоляция қилинган ҳудудга йўналтирилган ва у ерда йўловчилар туширилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар йўловчиларни текширди ва вазиятни баҳолашда давом этмоқда.