Reuters агентлиги ўзининг дастлабки ҳисоб-китобларига асосланиб хабар беришича, январь ойида "Турк оқими" қувури орқали Европага Россия гази экспорти кунига 50 миллион куб метр кўрсаткичга етиб, рекорд даражани қайд этди.
Агентликнинг ҳисоб-китоблари Европанинг Энтсог газ транспорти гуруҳи маълумотларига асосланган. Уларга кўра, январь ойида "Турк оқими" орқали Россиядан газ етказиб бериш ўтган йилнинг шу ойига нисбатан 26,8 фоизга ошиб, кунлик 39,9 миллион куб метрдан 50,6 миллион куб метргача кўтарилган.
Етказиб беришнинг умумий ҳажми январь ойида 1,57 миллиард куб метрни, декабрь ойида 1,54 миллиард куб метрни, 2024 йил январь ойида эса 1,24 миллиард куб метрни ташкил этди.
Денгиз орқали суюлтирилган табиий газ етказиб беришни ҳисобга олмаганда, "Турк оқими" Россия газини Европага етказиб беришнинг ягона йўли бўлиб қолди. 1 январдан бошлаб Европа давлатларига Украина орқали транзит усулида газ етказиб бериш тўхтатилди.