Бугун 30 январь, 2025 йил, пайшанба

O'ZB

Қодиров ғойиб бўлди

Қодиров ғойиб бўлди

"Агентство" эътибор қаратишича, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров 18 кун давомида жамоатчилик олдига чиқмади. Чеченистон раҳбари охирги марта 8 январда оммавий тадбирларда иштирок этгани ҳақида хабар берган эди. Ўша куни Қодиров отаси Аҳмад Қодиров хотирасига бағишланган ёдгорликнинг очилиш маросимида қатнашди, Грозний шаҳрининг марказий қисмини кўздан кечирди ва ИИВ бўлинмалари раҳбарлари билан йиғилиш ўтказди.

8 январдан бери унинг фаолияти ҳақида ҳеч қандай маълумот эълон қилинмади. Фақатгина 26 январь куни Қодиров "Нохчо" фольклор ансамбли машғулотида бўлганини маълум қилди. Видеотасвирда республика раҳбари бўм-бўш залда ансамбль раҳбари Амина Аҳмадова билан бирга ўтирган ҳолда кўринади. Бироқ, "Агентство" таъкидлаганидек, бу хабар "консерва" бўлиши мумкин - яъни, жорий фаолият тасаввурини яратиш учун олдиндан тайёрлаб қўйилган материал бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Қодировнинг видеодаги кийими шубҳа уйғотади, бу 26 январдаги об-ҳавога унчалик мос келмайдиган кийим эди, ўша куни Грознийда ҳарорат тахминан +4 даража атрофида бўлган. Масалан, январь ойининг бошларида, худди шундай ҳароратда у куртка кийиб юрган эди.

Қодировнинг бундай узоқ вақт жамоатчилик эътиборидан четда қолиши илгари ҳам кузатилган. Жумладан, 2024 йил январь ойида ҳам у 18 кун кўринмаган эди. "Новая газета. Европа" нашрининг хабар беришича, 2019 йилда шифокорлар Чеченсистон раҳбарига ошқозон ости бези некрози ташхисини қўйишган. Бу касаллик унинг соғлиги туфайли тез-тез таътил олишига ва муҳим тадбирларни ўтказиб юборишига сабаб бўлган.

Нашрнинг маълумотларига кўра, 2023 йил кузида Қодиров ўткир ўпка етишмовчилиги билан кечган касалликнинг кучайишини бошдан кечирган. Манбаларнинг таъкидлашича, у Марказий клиник шифохонага ётқизилган. Инқирознинг сабаби хавотир ва оғриқни бартараф этиш учун қўлланиладиган "Дормикум" деган тинчлантирувчи дорининг меъёридан ортиқ қабул қилиниши бўлиши мумкин. Шунингдек, Қодировнинг мияси МРТ текшируви натижалари унинг яқин атрофидагилар орасида жиддий ташвиш уйғотгани ҳам хабар қилинган.

Киритилди: 20:29 28.01.2025. Ўқилди: 3870 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!