Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Нъю-Ёркда Жозеф Байден ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан учрашуви чоғида АҚШ Президентини ядро қуролидан холи Марказий Осиё тўғрисидаги протоколни ратификация қилишга чақирди.
Бу ҳақда Қозоғистон президенти матбуот хизмати маълум қилди.
Ушбу протоколни ратификация қилган давлатлар Марказий Осиё давлатларига қарши ядро қуролини ишлатмаслик, уларга таҳдид солмаслик мажбуриятини олган.
Тўқаевнинг қайд этишича, бу қадам минтақанинг ядросиз мақомини институционаллаштириш жараёнини якунлайди. Бу, шунингдек, ядровий қуролсизланиш ва уни тарқатмаслик бўйича халқаро саъй-ҳаракатларнинг муҳим босқичи бўлади.
Қайд этиш жоизки, Марказий Осиё шимолий ярим шарда ядро арсеналларини жойлаштириш тақиқланган ягона минтақа ҳисобланади. Протокол Хитой, Россия, Франция ва Буюк Британия томонидан ратификация қилинган. Қўшма Штатлар протоколни имзолаган, аммо ратификация қилмаган ягона ядровий давлат бўлиб қолмоқда.