Тошкент шаҳрида фуқаронинг 4 000 АҚШ долларини қўлга киритиб, кейинчалик унинг ўрнига сохта АҚШ доллари қайтарган шахс ушланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Янгиҳаёт тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланишича, муқаддам судланган фуқаро Р.Т. таниши М.Х.нинг ишончига кириб, унга 4 тонна помидор етказиб бериш баҳонасида 4 000 АҚШ долларини олган ва мазкур маблағни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Кейинчалик пул маблағларини қайтармаслик мақсадида Р.Т. жабрланувчига 100 АҚШ долларлик купюралардаги қалбаки 4 000 АҚШ долларини бергани маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркалари ёки қимматли қоғозлар тайёрлаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.