Бугун 16 ноябрь, 2024 йил, шанба

O'ZB

Тунги ёритилганлик даражаси, иқтисодий фаоллик ва яширин иқтисодиёт

Тунги ёритилганлик даражаси, иқтисодий фаоллик ва яширин иқтисодиёт

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) ҳамда Link Data компанияси мутахассислари томонидан ҳамкорликда Ўзбекистонда 2012-йилдан 2023-йилгача бўлган даврда ҳудудий даражада тунги ёруғлик маълумотлари ва яширин иқтисодиёт ҳажмининг ўзгариши таҳлил қилинди.

Таҳлилда Суоми миллий қутб-орбитада айланиб юрувчи ҳамкорлик сунъий йўлдоши (Suomi NPP) ва NОАА-20 сунъий йўлдоши бортига жойлаштирилган замонавий асбоб – Кўринадиган ва инфрақизил тасвир олиш радиометрия тўплами (Visible Infrared Imaging Radiometer Suite – VIIRS) томонидан тўпланган маълумотлар ҳамда расмий статистика маълумотларидан фойдаланилди.

Ҳудудлар бўйича 1 квадрат км. майдонга тўғри келувчи тунги ёритилганлик даражаси энг юқори бўлган ҳудуд Тошкент шаҳри бўлиб, пойтахтда ушбу кўрсаткич 2017-йилдаги 97,8 дан 137,7 га (40,8 фоизга) ошган. Мазкур даврда Тошкент шаҳрида иқтисодий фаоллик 8 маротаба кўпайган бўлса, яширин иқтисодиёт ҳажмининг ялпи ҳудудий маҳсулотга (ЯҲМ) нисбатан улуши 9,5 фоиздан 11,7 фоизга ошган.

Хизмат кўрсатиш соҳаси жадал суръатларда ривожланиб бораётган Самарқанд вилоятида 2023-йилда 1 квадрат км. учун тунги ёритилганлик даражаси (7,6) 2017-йилдагига (4,2) нисбатан 80 фоиз ошган бўлса, яширин иқтисодиётнинг ЯҲМга нисбати 6,3 фоиздан 10,3 фоизга етган.

Фарғона водийси вилоятларида тунги чироқлар билан ёритилганлик даражаси яхшиланиши билан бирга, яширин иқтисодиёт кўлами ҳам кенгайиб борган. Хусусан, Наманган вилоятида 1 квадрат км. майдонга тўғри келувчи тунги ёритилганлик кўрсаткичи 2017-йилдаги 5,7 дан 2023-йилда 8,1 га (ўсиш – 40 фоиз) етган. Ўз навбатида, ушбу вилоятда яширин иқтисодиётнинг ЯҲМга нисбати 2023-йилда 14,2 фоизни ташкил этган ва 2017-йилдагига (9,7 фоиз) нисбатан 4,5 фоиз бандга кўпайган. Бу кўрсаткич Республика бўйича энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Шунингдек, мазкур даврда Фарғона вилоятида 1 квадарт км. майдонга тўғри келувчи тунги ёритилганлик даражаси 70 фоизга
(7 дан 11,9 га) яхшиланган бўлса, баҳоланган яширин иқтисодиёт ҳажмининг ЯҲМга нисбати 10,4 фоиздан 12,2 фоизга етган.

Республикада аҳоли зичлиги бўйича 1-ўринда турувчи Андижон вилоятида 2017-2023 йиллар оралиғида тунги ёритилганлик даражаси 42 фоизга (10,9 дан 15,5 га) ошган бўлса-да, яширин иқтисодиётнинг ЯҲМга нисбатан улуши деярли ўзгармаган ва 8 фоиз атрофида сақланиб қолган.

2017-2023 йилларда Қашқадарё вилоятида тунги ёритилганлик даражаси 1 квадрат км. майдон учун 6 фоизга (6,3 дан 6 га) камайган бўлса, ЯҲМ ҳажмига нисбатан яширин иқтисодиёт кўлами 11 фоиздан 12 фоизга ошган.

Ўзгармас эффект (fixed effect) модели асосида амалга оширилган эконометрик таҳлил натижалари шуни кўрсатадики, тунги ёритилиш даражаси яширин иқтисодиётнинг қарийб 39.4 фоизини ўзида акс эттиради.

Ушбу тадқиқот норасмий иқтисодиётнинг ҳажми ва тақсимоти ҳақида тушунча бериб, иқтисодий сиёсатни ишлаб чиқиш, урбанизация, иқтисодий фаоллик, иқтисодий тенгсизликни баҳолаш ва бошқа кўрсаткичларни чуқур таҳлил қилиш имконини беради.

Киритилди: Бугун 09:40. Ўқилди: 201 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!