АҚШ президенти Дональд Трампнинг махсус вакиллари Жаред Кушнер ва Стив Уиткофф 12 ноябрь куни эрталаб Россия пойтахти Москвага етиб келди. Улар Россия президенти Владимир Путин билан Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича музокаралар ўтказиши кутилмоқда.
TASS агентлигининг хабар беришича, АҚШ делегациясини «Внуково» аэропортида Россия президентининг хорижий давлатлар билан инвестиция-иқтисодий ҳамкорлик бўйича махсус вакили, Россия тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси раҳбари Кирилл Дмитриев кутиб олган.
Музокаралардан сўнг Кушнер ва Уиткофф Дублинга йўл олиб, у ерда Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашиши режалаштирилган.
Учрашувларда айнан қайси масалалар муҳокама қилиниши ҳозирча маълум эмас. Кушнернинг билдиришича, суҳбатлар 10–11 ноябрь кунлари Абу-Дабида бўлиб ўтган Россия, АҚШ ва Украина ўртасидаги уч томонлама музокараларда кўтарилган масалаларни қамраб олади.
Абу-Дабидаги музокаралар якунлари бўйича Россия делегацияси раҳбари Владимир Мединский томонлар тинчликка яқинлашганини айтган. Украина делегацияси вакили Давид Арахамия эса Янги йилга қадар келишувга эришиш учун музокараларда яхши суръат шаклланганини таъкидлаган.