Бугун 10 декабрь, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Трамп: «Украинада президент сайловларини ўтказиш вақти келди»

Трамп: «Украинада президент сайловларини ўтказиш вақти келди»

АҚШ президенти Дональд Трамп Украинада президентлик сайловларини ўтказиш вақти келганини маълум қилди. Бу ҳақда у Politico нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Трампнинг айтишича, расмий Киев урушни баҳона қилиб сайловларни доимий равишда кечиктираётгани ҳақида ўйлаб кўриши керак.

«Менимча, вақти келди. Ҳозир — сайловлар учун муҳим фурсат. Улар сайлов ўтказмаслик учун урушдан фойдаланяпти, аммо украин халқи танлаш ҳуқуқига эга бўлиши керак. Балким, Зеленский яна ғалаба қозонар», – деди АҚШ президенти.

У, шунингдек, Украинада «жуда анча вақтдан бери» президент сайловлари ўтказилмаганини таъкидлаган.

«Демократия ҳақида гапиришади, лекин бу даражада сайловларни ўтказмаслик – демократия эмас», — деди Трамп.

Маълумот учун, Украина қонунчилигига кўра, ҳарбий ҳолат даврида президент ва парламент сайловлари тўхтатилади. Ҳарбий ҳолат 2022 йил февраль ойида, Россия қўшинлари Украина ҳудудига кирганидан сўнг жорий этилган ва шу вақтдан бери бир неча бор узайтирилган.

Шу боис, 2023 йил октябрдаги парламент сайловлари ҳамда 2024 йил мартдаги президентлик сайловлари ўтказилмаган.

Ўз навбатида, Россия расмийлари сайловлар бўлмагани учун Зеленскийнинг легитимлигини шубҳа остига қўйиб келади.

Трамп 2025 йил февралида ҳам Украинада сайловларни тезлаштиришни талаб қилиб, Зеленскийнинг рейтинги «4 фоиз» эканини айтган. Аммо бу рақамни ҳеч бир сўровнома тасдиқламаган.

Киритилди: Бугун 14:58. Ўқилди: 365 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!