Бугун 17 ноябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Эронда бензин тақчиллиги янги оммавий норозилик намойишларига сабаб бўлиши мумкин

Эронда бензин тақчиллиги янги оммавий норозилик намойишларига сабаб бўлиши мумкин

Эроннинг бир қатор шаҳарларида ёқилғи қуйиш шохобчалари олдида узун навбатлар юзага келди. Бендер-Аббос шаҳрида эса маҳаллий аҳоли вакиллари автомобиллар ёрдамида ёқилғи қуйиш шохобчаларидан бири яқинидаги йўлни тўсиб қўйган.

Мамлакатда нефть захиралари катта бўлишига қарамай, ички бозорнинг бензинга бўлган талабини қондириш учун нефть қайта ишлаш қувватлари етарли эмас. Эрон расмийлари ҳам ёқилғи таъминоти билан боғлиқ муаммолар мавжудлигини тан олган.

Ёқилғи инқирози Эрон тарихида «Қонли ноябрь» номи билан маълум бўлган 2019 йил ноябрь воқеалари йиллиги арафасида янада кескинлашди. Ўша йили ҳукумат бир кечада бензин нархини 50 фоизга оширган эди. Бу қарор мамлакатнинг 100 дан ортиқ шаҳрида ҳукуматга қарши оммавий норозилик намойишларини келтириб чиқарган.

Эрон ҳукумати намойишларни куч ишлатиш орқали бостирган. Хавфсизлик кучлари намойишчиларга қарши ўқотар қуроллардан фойдаланган, мамлакатда интернет тармоғи эса тахминан бир ҳафта давомида ўчириб қўйилган.

Reuters агентлиги маълумотларига кўра, ўша воқеалар давомида тахминан 1 500 киши ҳалок бўлган, 7 мингдан ортиқ киши қўлга олинган.

Шундан буён Эрон ҳукумати бензин нархини шунга ўхшаш даражада кескин оширишдан тийилиб келмоқда. Бунинг ўрнига ёқилғи истеъмоли квоталар орқали чекланмоқда.

Киритилди: 21:48 16.11.2026. Ўқилди: 518 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар