Тинчлик Кенгаши айрим ҳолларда БМТ билан ҳамкорлик қилади.
АҚШ президенти Дональд Трамп бу ҳақда маълум қилди.
"Менимча, БМТ бизга озгина ёрдам бериши мумкин. Дунёнинг энг буюк етакчилари Тинчлик Кенгашига қўшилишмоқда ва биз айрим ҳолларда БМТ билан биргаликда ишлаймиз", деди у. Оқ уй раҳбари икки ташкилот ҳамкорлик қилишни режалаштирган масалалар доирасини аниқ айтмади.
Аввалроқ БМТ Бош котибининг вакили Стефан Дюжаррик жаҳон ташкилоти вакиллари 19 февраль куни Вашингтонда бўлиб ўтадиган Тинчлик Кенгаши йиғилишида иштирок этиш учун таклифнома олмаганликларини маълум қилган эди. Дюжаррик БМТ ўз фаолиятини асосан Тинчлик Кенгаши билан Яқин Шарқ бўйича махсус координатор ўринбосари Рамиз Алакбаров орқали мувофиқлаштиришни режалаштираётганини қўшимча қилди.
22 январь куни Давосдаги Жаҳон иқтисодий форуми доирасида 19 мамлакат вакиллари Ғазо секторидаги тинчлик жараёнининг бир қисми сифатида ташкил этилган Тинчлик Кенгаши Низомини имзоладилар. Вашингтон бошқа давлатлар ҳам ташкилотга қўшилганини эълон қилди. Тинчлик Кенгаши Исроил ва Фаластиннинг радикал Ҳамас ҳаракати ўртасида Ғазони бошқариш бўйича келишувга мувофиқ ташкил этилган, аммо у бошқа минтақалардаги можароларнинг олдини олиш ва ҳал қилишда ҳам иштирок этиши кутилмоқда.