Агар Украина президенти Владимир Зеленский можарони ҳал қилиш бўйича АҚШ шартларига рози бўлмаса, унга нисбатан гумон қилинувчи сифатида айблов эълон қилиниши мумкин, деб хабар бермоқда «Страна.ua». Нашрнинг ёзишича, Россия, Украина ва АҚШ ўртасидаги Женева музокаралари арафасида собиқ энергетика вазири Герман Галушченконинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ яқиндаги вазият Вашингтоннинг Зеленскийга босим ўтказишга қаратилган стратегиясининг бир қисми бўлиши мумкин.
Материалда айтилишича, агар Зеленский АҚШ талабларини бажармаса, унинг энг яқин ёрдамчилари — Украина президенти офисининг собиқ раҳбари Андрей Ермак ва «Квартал-95» студияси раҳбари Сергей Шефир ҳам гумон остига олиниши мумкин.
«Агар бу ҳам иш бермаса, унда зарба бевосита Зеленскийнинг ўзига қаратилиши истисно этилмайди. Зеро, анчадан бери [тадбиркор Тимур] Миндичнинг квартирасида ёзиб олинган овозлар ичида [Украина] президентининг овозига ўхшаш овоз борлиги ҳақида миш-мишлар юрибди», — деб ёзади нашр.