АҚШ президенти Дональд Трамп савдо кемалари, юклари ёки тегишли мулкка етказилган ҳар қандай зарар музлатилган ва АҚШ назорати остидаги Эрон активлари ҳисобидан қопланишини маълум қилди.
Америка етакчиси тегишли баёнотни Truth Social ижтимоий медиа платформасида эълон қилди.
"Ушбу баёнот шу пайтдан бошлаб ва кейинги хабарномага қадар кемалар, юклар ёки улар билан боғлиқ ҳар қандай зарар Қўшма Штатлар томонидан ушлаб туриладиган ва назорат қилинадиган Эрон маблағлари ҳисобидан қопланиши ҳақида огоҳлантиришдир", деди у.
Трамп шунингдек, бундай зарар "жуда катта" бўлиши мумкинлигини тан олди.
АҚШ ва Исроил 28 февраль куни Эронга қарши операция бошладилар. Июнь ойида Вашингтон ва Теҳрон Ливанни ҳам ўз ичига олган барча жабҳаларда ҳарбий ҳаракатларни дарҳол тўхтатишга чақирувчи ўзаро англашув меморандумини имзоладилар. Бироқ, 8 июль кечаси Қўшма Штатлар Теҳронни Ҳормуз бўғози бўйича эришилган келишувлар шартларини бузганликда айблаб, Эронга қарши кенг кўламли ҳужумларни қайта бошлади.