АҚШ президенти Дональд Трамп пайшанба куни Руанда ва Конго Демократик Республикаси раҳбарлари Пол Кагама ва Феликс Чисекедини қабул қилиб, тинчлик битимини имзолайди.
Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Кэролин Левитт маълум қилди.
"Пайшанба куни Президент Трамп ўзи воситачилик қилган тарихий тинчлик ва иқтисодий келишувни имзолаш учун Руанда Республикаси ва Конго Демократик Республикаси президентларини қабул қилади", деди у.
27 июнь куни Вашингтонда АҚШ ва Қатар воситачилигида Конго Демократик Республикаси ва Руанда ташқи ишлар вазирлари тинчлик битимини имзоладилар.Ушбу келишув икки давлат президентларининг Вашингтонда бўлиб ўтадиган бўлажак учрашуви якунлари бўйича тўлиқ амалга оширилишига келишиб олинди.
Конго шарқидаги ҳозирги инқироз тўрт йил олдин исёнчи гуруҳларнинг кенгайиши билан юзага келган, уларнинг энг каттаси М23. Исёнчилар КДР шарқидаги 100 дан ортиқ шаҳар ва қишлоқларни, жумладан, икки провинсия пойтахтларини эгаллаб олди. Улар эгаллаб турган ҳудудларда Конго ҳукуматига бўйсунмайдиган маҳаллий ҳокимият органлари ташкил этилган. Расмийлар уларнинг ортида Руанда ҳукумати турганини даъво қилмоқда.