Россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан Аляскадаги саммит чоғида АҚШ президенти Дональд Трамп унга рафиқаси Меланиянинг мактубини топширди. Бу ҳақда Оқ уйнинг икки расмийсига таяниб, Reuters агентлиги хабар берди.
"Президент Трамп мактубни шахсан Путинга Аляскадаги музокаралари чоғида топширди", — дейилади хабарда.
Агентлик манбаларига кўра, мактубда гўёки Украинадаги можаро натижасида болалар ўғирлаб кетилгани ҳақида сўз боради.
15 август куни Путин ва Трамп Аляскада тор доирадаги музокаралар ўтказди. Улар ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ва уларнинг ёрдамчилари иштирокида қарийб уч соат сўзлашди. Музокараларнинг асосий мавзуларидан бири Украина инқирозини ҳал қилиш эди.
Америка раҳбарининг сўзларига кўра, музокаралар давомида Украина бўйича тинч йўл билан келишувга эришилмаган, бироқ келажакда келишувга эришиш учун катта имкониятлар мавжуд.
Путин, ўз навбатида, Украинадаги можарога имкон қадар тезроқ барҳам бериш ниятида эканлигини маълум қилди.
Умуман олганда, Путиннинг Анкориж шаҳрига ташрифи тахминан беш соат давом этди. Трамп билан суҳбатдан сўнг Россия президенти Форт-Ричардсон миллий ҳарбий қабристонидаги “Иккинчи жаҳон урушидаги иттифоқчилар” бўлимига ташриф буюрди ва Аляскадаги православ черковига Америка ҳомийси авлиё Аляскалик Ҳерман иконасини совға қилди.