АҚШ президенти Дональд Трамп телефон орқали мулоқот чоғида Исроил бош вазири Беньямин Нетаньяхуни яқин орада Оқ уйда бўладиган учрашувга таклиф қилди.
Бу ҳақда Исроил бош вазири идораси маълум қилган.
"Нетаньяху яқинда Трамп билан телефон орқали гаплашди. АҚШ президенти бош вазирни яқин орада Оқ уйда бўладиган учрашувга таклиф қилди", — дейилади хабарда.
Суҳбат чоғида икки етакчи Фаластиннинг ХАМАС ҳаракатини қуролсизлантириш ва Ғазо секторини қуролсизлантириш муҳимлиги ва мажбуриятини таъкидлади. Шунингдек, улар минтақа давлатлари билан тинчлик келишувларини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар, дея қўшимча қилди идора.
2020 йил сентябрида Исроил АҚШ воситачилигида БАА ва Баҳрайн билан муносабатларни нормаллаштиришга келишиб олди. Уч томонлама келишув “Иброҳим келишуви” деб номланди. Кейинроқ Марокаш ва Судан яҳудий давлати билан муносабатлар нормаллашганини эълон қилди. Бу келишувларга қадар Исроил араб давлатлари орасида фақат Миср ва Иордания билан дипломатик алоқаларга эга эди.