АҚШ Президенти Дональд Трамп яна бир бор глобал энергетика, Россия– Украина уруши, Кремлга қарши санкция ва ноқонуний мигрантлар ҳақида гапирди:
Энергетика масаласи
– Қўшма Штатлар дунёни юзлаб йиллар давомида энергия билан таъминлашга қодир. Мамлакат ҳозир энг яхши энергия ресурси – тоза ва самарали табиий газ захирасига эга. Янги маъмурият углеводород ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва шамол энергетикасини ривожлантиришни рад этиб, табиий газ энергиянинг устувор манбаи, деб ҳисоблайди.
Россия ва Украина уруши зудлик билан тугатилиши керак
– Можаро ҳеч қачон бошланмаслиги керак эди, Украина ҳозир кенг кўламли вайронагарчиликни бошдан кечирмоқда. Вазият зудлик билан ҳал қилиниши, зўравонликка чек қўйилиши зарур. Россияга янги чеклов қўйишни истамаймиз, аммо вазият ўзгармаса, АҚШ юқори бож белгилаш ва санкция жорий этишга мажбур бўлади.
Хитой билан савдо уруши
– ХХР раҳбари Си Цзиньпин билан адолатли савдо шартини муҳокама қилиши мумкинлигига ишонаман. Биз хитойликларга керакмиз. Қўшма Штатлар манфаати учун музокарага тайёрман.
Ҳар галгидек, ҳаммасига Байден айбдор
– Аввалги президентлик давримда инфляция, Афғонистон ва Украинада вазият ёмонлашиши каби муаммолар бўлмаган. Байден ичкарига киритган 20 миллиондан ортиқ ноқонуний муҳожир бутун дунёдан келган жиноятчилардир.
Эрон ҳақида
– Мен Эрон буюк давлат бўлишини истайман. Бу мамлакатнинг улкан салоҳияти бор, одамлари ҳайратланарли. Айни мавзудаги ягона хулосам шуки, Эрон ядро қуролига эга бўлолмайди. Акс ҳолда бошқалар ҳам шунга эргашади ва кейин фалокат юз беради.
НАТО
– Биз НАТОни ҳимоя қиламиз, Альянс эса бизни муҳофазасига олмайди. Кўряпсизми? Шунинг учун мен маблағ сарфлашимиз шартлигига ишончим комил эмас. Бошқа томондан, уларга албатта ёрдам беришимиз лозим. Тузилма аъзолари мудофаа харажатини ЯИМнинг икки фоизидан беш фоизигача ошириши керак, деган фикримда қоламан.
Сунъий интеллект
– Сунъий интеллект туфайли жуда кўп иш ўринлари яратилади. Қолаверса, бу тизим кўп фойда келтиради. Масалан, тиббий тадқиқот доирасида саратон касаллигига даво топиш учун қўл келади. Биласизми, биз Хитойдан олдинда бўлишни хоҳлаймиз. Қўшма Штатлар саноат ишлаб чиқариши, сунъий интеллект ва крипто валюта каби соҳаларда етакчига айланиши зарур. Халқаро компаниялар ишлаб чиқаришни АҚШга кўчириши лозим, бундай корхоналарга дунё миқёсидаги энг паст солиқ жорий қилинади.
Нефть нархи
– Саудия Арабистони ва ОПЕКдан нефтни арзонлаштириш сўралади. Мавжуд рақобат давом этиши учун ҳозирги қиймат жуда юқори. Нархни тушириш шарт. Шу йўл билан урушни тугатиш мумкин. Бу қадам анча олдин қўйилиши керак эди.
Хулоса: АҚШ кучли ва бой бўлади
– Мамлакатимиз тез орада ҳар қачонгидан-да кучлироқ, бойроқ ва бирдам бўлади. Ақл бовар қилмайдиган бундай жадаллик натижасида бутун сайёрада барқарор тинчлик, фаровонлик кузатилади.