АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти бир қатор чап қанотга мансуб нотижорат ташкилотларига нисбатан кенг кўламли солиқ текширувини ўтказишни режалаштирмоқда. Улар орасида америкалик миллиардер Жорж Сорос томонидан ташкил этилган хайрия фондлари, ташкилотлар ва дастурлар тармоғи — «Очиқ жамият» фонди ҳам бор. Бу ҳақда New York Post ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, АҚШ Молия вазирлиги кенг қамровли аудит режасини ишлаб чиқмоқда. Текширув натижасида айрим ташкилотлар солиқ имтиёзларидан маҳрум қилиниши, шунингдек, катта миқдорда жаримага тортилиши мумкин.
Сорос фонди билан бир қаторда, Америка-Ислом муносабатлари кенгаши — CAIR ҳамда Southern Poverty Law Center ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти ҳам текширувга тушиши мумкин.
New York Post манбаларидан бирига кўра, АҚШ Молия вазирлиги бу жараённи охиригача етказиш ниятида ва чекинишни режалаштирмаяпти. Манба айрим ташкилотлар ва уларнинг донорлари учун «кунлар саноқли» эканини таъкидлаган.
2026 йил август ойида Дональд Трамп Жорж Сорос ва унинг ўғлини мамлакатдаги норозилик намойишлари вақтидаги тартибсизликларни қўллаб-қувватлаганликда айблаб, уларни жавобгарликка тортишга чақирган эди.
Шунингдек, АҚШ президенти Сорос мамлакатдаги радикал чап қанот ташкилотларини молиялаштиришга алоқадор бўлиши мумкинлигини иддао қилиб, унга нисбатан уюшган жиноятчиликка қарши RICO қонуни доирасида чора кўриш зарурлигини билдирган.
Мазкур қонун айрим ҳолатларда 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ва молиявий санкциялар қўллашни назарда тутади.