Канада бутунлай Қўшма Штатларга қарам ва шунинг учун суверен давлат бўла олмайди.
Бу ҳақда АҚШ президенти Доналд Трамп матбуот хизмати журналистлари билан суҳбатда маълум қилди, деб ёзади “Репорт” ТАСС'га таяниб.
Унга кўра, АҚШ ҳар йили Канадада 250 миллиард доллар йўқотади.
"Мен буни бир кунда тўхтата оламан ва Канада (мустақил - таҳр.) мамлакат сифатида мавжуд бўлмайди", деди Трамп.
Трамп, Канада йиллар давомида Қўшма Штатлардан ўз манфаати учун фойдаланганини даъво қилди. "Биз бунга йўл қўймаймиз. Бизнинг субсидияларимизсиз Канада ҳақиқатан ҳам мавжуд бўлмас эди", - дея қўшимча қилди АҚШ президенти.
Трамп аввалроқ Канаданинг Қўшма Штатлар таркибига 51-штат сифатида қўшилиши тарафдори эканлигини айтиб, унга бу ҳолатда ҳарбий ва бошқа афзалликларни ваъда қилган эди. Канада расмийлари, жумладан, Бош вазир Жастин Трюдо, бу ҳеч қачон содир бўлмайди, деб таъкидлади.