АҚШ президенти ҳар икки мамлакат "келишув тузиши" ва "ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиши" кераклигини айтди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда бу масала бўйича "кўплаб қўнғироқлар ва учрашувлар ўтказилмоқда".
“Мен Ҳиндистон ва Покистонни келишувга эришишга мажбур қилганман. Бу ҳолатда АҚШ билан савдони восита сифатида қўллаб, музокаралар жараёнига соғлом фикр олиб киргандик. Икки буюк етакчи тезда қарор қабул қилди ва қуролли ҳаракатларни тўхтатди", — дея эслади АҚШ президенти.
Шунингдек, Трамп ўзининг биринчи президентлик муддати даврида Сербия ва Косово ўртасидаги кескинликни ҳам тўхтатганини мисол қилиб келтирди. Бундан ташқари, у Нил дарёси сувидан фойдаланиш бўйича тўқнашувга сабаб бўлиши мумкин бўлган Миср ва Эфиопия ўртасидаги урушнинг бошланишига йўл қўймаганини ҳам айтди.
"Юқоридагилар каби, тез орада Исроил ва Эрон ўртасида ҳам тинчликка эришилади! Ҳозирда кўплаб қўнғироқлар ва учрашувлар ўтказиляпти. Мен кўп иш қилаяпман, лекин ҳеч қачон ҳеч қандай мақтов олмайман — бу нормал ҳолат, одамлар барибир ҳаммасини яхши тушунади. Яқин Шарқни яна буюк қиламиз!", — деб ёзди Трамп Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.