Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.
Ушбу тузилма ташкил этилиши Трампнинг Ғазо бўйича тинчлик режасининг муҳим қисми бўлиб, режа секторда халқаро тинчликпарвар кучларни жойлаштириш масаласини ҳам ўз ичига олади.
АҚШ президентининг сўзларига кўра, Тинчлик кенгашига шахсан ўзи раислик қилади.
"Мен Тинчлик кенгаши ташкил этилганини эълон қилишдан жуда ҳам мамнунман. Кенгаш таркиби яқин кунларда эълон қилинади, бироқ ишонч билан айта оламанки, бу тарихдаги энг буюк ва энг нуфузли кенгаш бўлади", — деб ёзди Оқ уй раҳбари Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Исроил ва ҲАМАС октябр ойида Трамп режасини маъқуллаган бўлиб, сулҳ шартларига мувофиқ Фаластин технократик ҳукумати Ғазони бошқаришни назорат қилиши келишилган. Октябр ойида кучга кирган сулҳ давомида 440 дан ортиқ фаластинлик, жумладан 100 дан зиёд бола, ҳамда уч нафар исроиллик аскар ҳалок бўлган.
"Тинчлик кенгаши тузилгани ҳақидаги хабар Ғазода урушдан кейинги кундалик ҳаётни бошқариш учун 15 кишидан иборат маъмурият ташкил этилгани эълон қилинганидан кўп ўтмай маълум қилинди. Ушбу маъмурият Тинчлик кенгаши назорати остида фаолият юритади. АҚШ ва воситачи давлатлар сулҳнинг иккинчи босқичини давом эттириш учун ҲАМАСни қуролсизлантириш, Исроил қўшинларининг чиқиб кетиши ва халқаро тинчликпарвар кучларни жойлаштириш масалаларини ҳал қилиши керак бўлади", дейилади агентлик мақоласида.
The Telegraph газетаси хабарига кўра, Тинчлик кенгаши таркибига Буюк Британия, Германия, Франция, Италия, Саудия Арабистони, Қатар, Миср ва Туркия вакиллари кириши мумкин.