АҚШ президенти Дональд Трамп март ойида Эрон билан келишувга эришиш режасини эълон қилди.
АҚШ раҳбари бу ҳақда Оқ уйда журналистлар билан суҳбатда маълум қилди.
"Эҳтимол, кейинги ой ичида", деди у келишув ҳақидаги саволга жавобан.
Трамп шунингдек, агар музокаралар муваффақиятсиз якунланса, Эрон учун "қийин" босқич бўлишини башорат қилди.
"Мен эронликлар билан керак бўлганча гаплашаман. Агар улар билан келишувга эриша олмасак, иккинчи босқичга ўтамиз. Иккинчи босқич улар учун жуда қийин бўлади. Мен буни хоҳламайман", деди АҚШ президенти.
Эрон ва АҚШ ўртасидаги музокаралар 6 февраль куни Умманда бўлиб ўтди. Трамп уларни муваффақиятли деб атади ва мулоқот давом этишини айтди. Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арагчи ҳам музокараларни юқори баҳолади.