Абдусатторов ва Синдаров 2025 йилда халқаро турнирларда $700 мингдан ортиқ мукофот пули ишлаб топди.
2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон шахматчилари халқаро мусобақаларда юқори натижалар қайд этиб, катта миқдордаги мукофот пулларини қўлга киритди. Абдусатторов ва Синдаров йил давомида энг кўп даромад топган шахматчилар рейтингида дунёнинг ТОП ўнталигидан жой олди.
Нодирбек Абдусатторов йил давомида 16 та нуфузли турнирда иштирок этиб, жами 361 811 АҚШ доллари миқдорида мукофот пули ишлаб топди. Унинг бир турнирдаги энг юқори индивидуал мукофоти 85 000 долларни ташкил этди.
Жавоҳир Синдаров 11 та халқаро мусобақада қатнашиб, 349 955 АҚШ доллари миқдорида даромад қайд этди. Унинг энг йирик ютуғи FIDE World Cup мусобақасидаги ғалаба бўлиб, мазкур турнир учун 120 000 доллар мукофот пули берилган.
Ҳисоб-китобларга кўра, икки гроссмейстернинг 2025 йилдаги умумий мукофот пуллари 711 766 АҚШ долларини ташкил этган.
Маълумот учун, ушбу суммалар фақат халқаро турнирлардаги расмий мукофот пулларини ўз ичига олади. Унга ҳомийлик шартномалари, реклама ва тижорий ҳамкорлик даромадлари, давлат мукофотлари ва бир марталик бонуслар, стипендиялар ҳамда грантлар, клуб ёки терма жамоа маошлари киритилмаган.