Киберҳужумлар сабаб 15 млн эмас, 60 минг кишининг маълумотлари тарқалган. Рақамли технологиялар вазирлигида ўтган матбуот анжуманида бу киберхужум тафсилотлари ва унинг оқибатлари тафсилотлари эълон қилинди.
2 феврал куни 15 миллион ўзбекистонликнинг шахсига оид маълумотлар сизиб чиққани ҳақида хабар тарқалган эди.
Вазир Шерзод Шерматовга кўра, 2026 йил 27–30 январ кунлари 3 та давлат идорасининг ахборот тизимларига киберҳужумлар бўлган. Натижада ижтимоий тармоқларда айтилганидай 15 млн эмас, 60 мингга яқин фуқаронинг маълумотлари тарқалган.
Расмийларга кўра, киберхужумни бартараф қилиш мақсадида тезкорлик билан ахборот инфратузилмаларига келгусидаги рухсатсиз киришларга чек қуйилган, техник ҳимоя қурилмаларида ҳимоя воситалари янада кучайтирилган.
Шунингдек, Ягона идентификация тизими (OneID)да қўшимча хавфсизлик чоралари кўрилиб, шахсий матлумотларни эгасининг розилиги асосида бошқа тизимларга тақдим этиш ёки чеклаш имконияти яратилган.
Расмийларга кўра, маълумотлар тарқалиши фуқаронинг шахсий аккаунти бузилган дегани эмас, бунда асосан фуқароларнинг исм-шарифи, туғилган санаси, манзили, телефон рақами каби маълумотлардан бири қўлга киритилган бўлиши мумкин.
Таъкидланишича, фирибгар бу маълумотларни қўлга киритгани билан, фуқаронинг шахсий иштирокисиз унинг номидан бирор бир хатти-ҳаракатни амалга оширолмайди. Шу сабабдан улар турли усуллар билан қолган маълумотлар тўпламини кўлга киритиш учун навбатдаги хуружни амала оширади.