Жапаров Ташиевни ишдан олиши ҳақида олдиндан огоҳлантирганини билдирди. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг ўзи “Кабар” агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
"Қарор қабул қилишдан олдин дўстимга қўнғироқ қилиб, бу ердаги вазиятни тушунтирдим, уни лавозимидан озод қилаётганимни айтдим ва шундан сўнг қарор қабул қилдим. Бу тезкор қарор билан, аксинча, дўстимни ҳимоя қилдим деб ўйлайман. Чунки унинг атрофидагилар, уларни “оқсоқол” деймизми, “кўксоқол” деймизми, ҳар ҳолда, дўстимни тўғри йўлдан оздирмоқда эдилар.
Улар Қамчибек Ташиев номини ниқоб қилиб, парламент депутатлари, масъул давлат хизматчилари, шунингдек, жамиятда таниқли шахсларга “Генерал томонига ўтинглар”, дея мурожаат қила бошладилар", — деди Жапаров.
Жапаровнинг таъкидлашича, агар Қамчибек Ташиев лавозимидан озод қилинмаганида, кўрсатилган йўналишда ишлаганларнинг хатти-ҳаракатлари туфайли бундай баёнотлар янада кўпайиб кетган бўларди. Бу давлат аппарати ходимлари ўртасида ва жамиятда бўлинишга, қарама-қаршиликларга олиб келиши мумкин эди. Айнан шу сабабли у дўстини лавозимидан озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга мажбур бўлганини айтди.
"Давлатдаги барқарорлик мен учун ҳамма нарсадан устун туради", — деди Жапаров.