Дональд Трамп чиқинди ташиш машинасида сайр қилди. Сиёсатчи шу тариқа амалдаги президент Жо Байденнинг Трамп тарафдорларини "чиқинди" деб атаган сўзларига жавоб қайтарди. Байден тегишли баёнотни Нью Йоркда ўтказилган Трампнинг сайловолди митингида комик Тони Хинчклиффнинг Пуэрто-Рикони "сузиб юрувчи чиқинди ороли" деб атаган сўзларига муносабат тариқасида айтган эди. АҚШ раҳбари Пуэрто-Рико аҳолиси "яхши, тартибли одамлар" эканини алоҳида таъкидлаган.
"Мен кўраётган ягона чиқинди — бу унинг (Трампнинг) тарафдорларидир", — деган Байден.
Кейинроқ Оқ уй президент Трамп тарафдорларини эмас, айнан комикни назарда тутганини билдирган. Бунга жавобан Трамп қуйидагича муносабат берган:
"Байденнинг баёноти чин маънода шармандали. Менинг чиқинди ташувчи машинам қандай экан? Бу Камала ва Жо Байден учун", — деган Трамп машинадан бошини чиқариб.