АҚШ президенти Дональд Трамп Исроил армияси томонидан Ғазодаги Муқаддас Оила католик черковига берилган зарбадан сўнг Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу билан телефон орқали суҳбат ўтказди. Оқ уй хабарига кўра, Нетаньяҳу ушбу зарба исроилликлар томонидан йўл қўйилган хатолик эканини тан олган.
«Президентга бу зарба ҳақидаги хабар ёқмади ва у бу ҳақда очиқ билдирди», — деди Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Левитт. Унинг таъкидлашича, Нетаньяҳу Трампга «бу исроилликлар томонидан йўл қўйилган хатолик эканини» маълум қилган.
Қуддусдаги Лотин Патриархати маълумотларига кўра, Зайтун туманидаги Муқаддас Оила черковига берилган зарба оқибатида 3 киши ҳалок бўлган, 9 киши яраланган, улардан бири оғир аҳволда. Жабрланувчилар орасида маҳаллий черков руҳонийси ота Габриэль Романелли ҳам бор — у енгил тан жароҳати олган.