АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтон Яқин Шарқдаги бир қатор давлатларнинг илтимосига кўра Эронга қарши янада кескин ҳарбий чоралар кўришдан тийилиб турганини маълум қилди.
Трамп бу ҳақда журналист Стивен Эй Смит билан суҳбатда айтиб ўтди.
Нима учун АҚШ Эрон билан можарони ҳалигача якунламагани ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Трамп буни зудлик билан амалга ошириши мумкинлигини, бироқ минтақадаги иттифоқчиларининг позициясини инобатга олган ҳолда анча босиқ ҳаракат қилишни маъқул кўрганини таъкидлади.
«Мен буни дарҳол якунлашим мумкин эди. Ҳимоя қилишга ҳаракат қилаётган давлатларнинг илтимосига кўра, биз бироз узоқроқ ва бироз маданиятлироқ йўлни танладик. Саудия Арабистони мендан: “Илтимос, бир муддат ҳаммасини ўз ҳолича қолдиринг”, деб сўради», — деди у.
АҚШ президентининг сўзларига кўра, Баҳрайн, Қатар, Қувайт ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳам унга шундай илтимослар билан мурожаат қилган.
Трампнинг таъкидлашича, агар бу мурожаатлар бўлмаганида, Вашингтон Эронга қарши янада кенг кўламли ҳаракатларни амалга оширган бўларди.
«Биз аллақачон жуда узоққа бордик. Уларни нишонга олдик, аммо асосан кўприкларга тегмадик. Улар ўзларини жуда ёмон тутгани учун битта йирик кўприкни вайрон қилдик, бироқ уларнинг электр энергетикаси ва ишлаб чиқариш қувватларини сақлаб қолдик. Биз умуман уларнинг энергетика соҳасига ҳужум қилмадик», — деди Америка етакчиси.